Ўзбекистон республика валюта биржасининг фаолияти тўғрисида

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 22 ноябрдаги 297-сонли “Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасини эркин сотиш ва сотиб олишни ташкиллаштириш ҳамда эркин айирбошланадиган валюта учун савдолар кўламини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 февралдаги 66ф-сонли фармойишининг ижросини таъминлаш, республика иқтисодий манфаатларининг ҳимоясини, ички ва ташқи валюта бозори конъюнктурасига тезкор жавоб қайтаришни таъминлаш мақсадида 1992 йил 12 майда Ўзбекистон республика валюта биржаси ташкил этилган.

ЎзРВБ фаолиятининг мақсади валюта бозори, давлат қимматли қоғозлари бозори ва пул бозорида биржа савдоларини ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашдан иборат.

ЎзРВБ фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборатдир:

-        хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича банклараро савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, савдо натижалари бўйича миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

-        савдо натижалари бўйича миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини ўрнатиш;

-        давлат қимматли қоғозлари бўйича савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, улар бўйича ҳисоб-клиринг ҳамда депозитар фаолиятни амалга ошириш;

-        молиявий ҳосила инструментлари билан савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

-        пул бозорида банклараро савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

-        биржа савдолари иштирокчилари учун миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб-клиринг хизматини кўрсатишни ташкиллаштириш;

-        Биржа аъзолари учун мажбурий бўлган биржа савдолари қоидаларини, шунингдек тузилган битимларни расмийлаштириш учун намунавий шартномаларни ва ҳужжатларнинг стандарт шаклини ишлаб чиқиш;

-        биржа савдолари иштирокчиларининг касбий малакасини юқори савияда сақлашни таъминлаш;

-        биржа савдолари иштирокчиларини тегишли маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш, уларга зарур бўлган маслаҳат ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;

-        биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун дастурий таъминотларни ва автоматлаштирилган мажмуаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.