Фаолият мақсади

Ўзбекистон республика валюта биржасининг

фаолияти тўғрисида

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 22 ноябрдаги            297-сонли “Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасини эркин сотиш ва сотиб олишни ташкиллаштириш ҳамда эркин айирбошланадиган валюта учун савдолар кўламини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 февралдаги 66ф-сонли фармойишининг ижросини таъминлаш, республика иқтисодий манфаатларининг ҳимоясини, ички ва ташқи валюта бозори конъюнктурасига тезкор жавоб қайтаришни таъминлаш мақсадида 1992 йил 12 майда Ўзбекистон республика валюта биржаси ташкил этилган.

   ЎзРВБ фаолиятининг мақсади валюта бозори, давлат қимматли қоғозлари бозори ва пул бозорида биржа савдоларини ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашдан иборат.

 ЎзРВБ фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборатдир:

 1) хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича банклараро биржа савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, савдо натижалари бўйича миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини белгилаш;

2) давлат қимматли қоғозларини чиқариш ва муомалада бўлишига оид меъёрий ҳужжатларга мувофиқ давлат қимматли қоғозлари бўйича савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, улар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг ҳамда депозитар операцияларни амалга ошириш;

3) молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) билан биржа савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

4) пул бозорида биржа савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

5) биржа савдолари иштирокчилари учун миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб-китоб-клиринг хизматини кўрсатишни ташкиллаштириш;

6) биржа товарларига бўлган талаб ва таклифнинг нисбати асосида уларни котировкалашни (уларнинг нархини белгилашни) амалга ошириш;

7) Биржа инфратузилмасини ривожлантириш;

8) Биржа аъзолари учун мажбурий бўлган биржа савдолари қоидаларини, шунингдек намунавий шартномаларни ва тузилган битимларни расмийлаштириш учун ҳужжатларнинг стандарт шаклини ишлаб чиқиш;

9) Биржа аъзолари ходимларининг (трейдерларнинг) касбий малакасини юқори савияда сақлашни таъминлаш;

10) биржа савдолари иштирокчиларини ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида тегишли ахборотлар билан таъминлаш, уларга зарур бўлган маслаҳат ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;

11) биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек ҳисоб-китоб-клиринг ва депозитар опрецияларни амалга ошириш учун дастурий таъминотларни ва автоматлаштирилган мажмуаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.