Автоматлаштирилган савдо тизимлари

      Биржа савдосини ташкиллаштириш тажрибаси шуни кўрсатадики, Биржа инфратузилмасининг ривожланиш истиқболи илғор технологиялар билан узвий боғланган. Шу нуқтаи назардан, янги илғор технологиялар асосида яратилган биржа савдоси техник-дастурий тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш масаласи муҳим ўрин эгаллайди.

Бугунги кунда ЎзРВБ савдо ва савдо-депозитарий мажмуасининг имкониятлари қуйидагиларни таъминлайди:

Валюта, пул ва фонд бозорининг турли инструментлари билан биржа савдоларини ўтказиш;

Қатнашчиларнинг бевосита иш жойларидан (автоматлаштирилган иш жойлари) туриб, ЎзРВБ шахсида бўлган ягона савдо маркази базасида мазкур инструментлар билан биржа савдолари ўтказиш.

Юқоридагиларни таъминлаш мақсадида Валюта биржасида иккита дастурий мажмуалар: фонд бозори савдоларини ўтказиш учун “Электрон савдо-депозитарий тизими” (ЭСДТ ДМ) ва валюта бозори савдоларини ўтказиш учун “Автоматлаштирилган Савдо Тизими” (АСТ ДМ) ишлатилмоқда.

“Электрон савдо-депозитарий тизими” дастурий мажмуаси бир нечта автоматлаштирилган ишчи жойларидан (АИЖ) иборат:

  • Савдо қатнашчисининг АИЖ;
  • Савдо тизими маъмурининг АИЖ;
  • Биржа маклерининг АИЖ;
  • Ҳисоб-клиринг фаолияти мутахассисининг АИЖ;
  • Қимматли қоғозлар эмитентининг АИЖ;
  • Депозитарийнинг АИЖ;
  • Кузатувчининг АИЖ.

«ЭСДТ» дастурий мажмуаси Трейдернинг буюртма киритишидан тортиб, депозитар ҳисоб юритиш ҳамда савдо якунлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишгача бўлган савдо жараёнларини тўла автоматлаштиради ва техник жиҳатдан турли кўринишдаги давлат қимматли қоғозларини бирламчи жойлаштириш, иккиламчи жойлаштириш ва кенг кўламдаги депозитар хизмат кўрсатиш имконини беради.

“Электрон савдо — депозитарий тизими” дастурий мажмуасининг асосий мақсадлари қуйидагилар:

Дилерлар ва уларнинг мижозлари бўйича депонентланган қимматли қоғозларнинг электрон картотекасини юритишни таъминлаш;

Қимматли қоғозларни бирламчи жойлаштириш;

Савдога қўйилган қимматли қоғозларнинг жорий котировкаларига мувофиқ, реал вақтда улар савдоларининг ўтказилишини таъминлаш;

Валюта биржаси хизматлари тўловини автоматик ҳисоб-китоб қилиш ҳамда буни дилерлар ва уларнинг мижозларига тегишли ҳисобрақамларида акс эттириш;

Савдо жараёнларини тезкор назорат қилиш;

Дилерлардан савдоларда иштирок этишлари учун зарур бўлган пул маблағларини Дилерлар ва уларнинг ҳисобрақамларига қабул қилиш;

Дилерлар ўзларининг ва мижозларининг ҳисобрақамлари билан ишлашлари учун Дилерларга тегишли шартнома ва ишончномаларни рўйхатга олишни юритиш;

Электрон савдолар тизимининг ишлаши учун маълумот — ҳуқуқий ахборотни юритиш.

“Автоматлаштирилган савдо тизими” дастурий мажмуаси бир нечта автоматлаштирилган ишчи жойларидан (АИЖ) иборат:

Савдо қатнашчисининг АИЖ;

Савдо тизими маъмурининг АИЖ;

Биржа маклерининг АИЖ;

Ҳисоб-клиринг фаолияти мутахассисининг АИЖ;

«АСТ» дастурий мажмуаси Дилерларнинг буюртма киритишидан тортиб савдо якунлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишгача бўлган савдо жараёнларини тўла автоматлаштиради ва техник жиҳатдан, турли валюталар билан савдолар ўтказилишини таъминлайди.

“Автоматлаштирилган савдо тизими” дастурий мажмуасининг асосий мақсадлари қуйидагилар:

Чет эл валюталари электрон савдоларини амалга ошириш ва натижаларни савдо қатнашчилари ҳисобрақамларида акс эттирилишини таъминлаш;

  • Савдо қатнашчиларининг чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган буюртмаларга мувофиқлигини тезкор назорат қилиш;
  • Банклардан Дилерлар ва уларнинг мижозлари ҳисобрақамларига савдоларда қатнашиш учун зарур пул маблағларини қабул қилиб олиш;
  • Валюта савдолари якуни бўйича пул маблағларининг автоматлаш-тирилган ҳисоб — китобини амалга ошириш;
  • Дилерларнинг шартнома ва ишончномаларини рўйхатга олишни юритиш;
  • Электрон савдолар тизимининг ишлаши учун маълумот — ҳуқуқий ахборотни юритиш.