Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 18 июнда 1829-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банк Бошқарувининг

2008 йил 15 мартдаги

8/8-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

 

 

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва ижро этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низомга АВ 16.01.2009 й. 1829-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

 

 

Муқаддима

I. Умумий қоидалар

II. РЕПО суммаси ва унинг ўзгариши

III. РЕПО битимини тузиш шартлари

IV. Ҳисоб-китоблари T_0 кодли РЕПО битимининг

биринчи қисми ижроси

V. Ҳисоб китоблари T_n кодли РЕПО битимининг

биринчи қисми ижроси

VI. РЕПО битимининг шартларига ўзгартиришлар киритиш

VII. РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси

VIII. Таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимларида РЕПО

битимининг иккинчи қисмини мажбурий тартибда ижро этилиши

IX. Марказий банк томонидан давлат қимматли қоғозлари билан

тўғридан-тўғри РЕПО битимларини амалга ошириш тартиби

X. Якуний қоидалар

 

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида"ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги "Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-726-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 45-сон, 454-модда) мувофиқ, давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва ижро этиш тартибини белгилайди. (АВ 16.01.2009 й. 1829-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги муқаддима)

 

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимлари фақат Ўзбекистон Республикаси валюта биржасининг (кейинги ўринларда матнда ЎзРВБ деб юритилади) Савдо тизими орқали тузилади ва ижро этилади.

 

2. РЕПО битимлари бўйича томонлар сифатида ўз номи ва ўз ҳисобидан ҳамда инвесторларнинг ҳисоби ва топшириғига кўра молиявий брокер сифатида фаолият кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлар бозорининг дилерлари (кейинги ўринларда матнда дилерлар деб юритилади) иштирок этишлари мумкин.

 

3. Мазкур Низом мақсадида қуйидаги тушунчалар ишлатилади:

 

давлат қимматли қоғозлари (кейинги ўринларда - ДҚҚ) - Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан чиқарилган облигациялар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (кейинги ўринларда - Марказий банк) облигациялари; (АВ 16.01.2009 й. 1829-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

 

РЕПО битими - битим шартлари билан белгиланган муддат ва баҳода айнан шу чиқарилишдаги ва миқдордаги ДҚҚни қайта сотиб олиш (сотиш) (РЕПО битимининг иккинчи қисми) шарти билан сотиш (сотиб олиш) (РЕПО битимининг биринчи қисми) бўйича икки томонлама битим;

 

дастлабки сотувчи - ДҚҚни РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича сотувчи, шунингдек, РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича сотиб олувчи;

 

дастлабки сотиб олувчи - ДҚҚни РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича сотиб олувчи, шунингдек, РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича сотувчи;

 

контрагент - РЕПО битимининг томонларидан бири;

 

тизим доирасидаги (автоматик) РЕПО битимлари - контрагент аниқ кўрсатилмаган РЕПО битимини тузиш бўйича буюртмалар асосида, ЎзРВБнинг Савдо тизимида амалга ошириладиган савдолар натижасида автоматик тарзда тузилган РЕПО битимлари;

 

тизимдан ташқаридаги РЕПО битимлари - контрагент аниқ кўрсатилган РЕПО битимини тузиш бўйича буюртмалар асосида тузилган РЕПО битимлари;

 

амалдаги РЕПО битими - биринчи қисми ижро этилган, лекин иккинчи қисмининг ижро этиш муддати етиб келмаган РЕПО битими;

 

таъминот - РЕПО битими бўйича олди-сотди предмети бўлган ДҚҚ;

 

таъминотни блокировка қилиш - РЕПО битимини тузишда томонлар ўрнатиши мумкин бўлган, дастлабки сотиб олувчининг РЕПО битими таъминотига оид ҳуқуқларини чегаралаб қўйишни назарда тутувчи РЕПО битимининг шарти;

 

таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимлари - таъминотини блокировка қилишни назарда тутувчи РЕПО битимлари;

 

тўғридан-тўғри РЕПО битимлари - тижорат банки битимнинг биринчи қисми бўйича ДҚҚ сотувчиси ва иккинчи қисми бўйича сотиб олувчи, Марказий банк битимнинг биринчи қисми бўйича ДҚҚни сотиб олувчи ва иккинчи қисми бўйича сотувчи бўлган, таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимлари;

 

таъминот қиймати - таъминотдаги ДҚҚнинг сонини бир дона ДҚҚнинг, биржа маълумотларига мувофиқ бозор нархидан келиб чиқиб, РЕПО битимининг томонлари келишуви асосида аниқланган нархига кўпайтиришдан ҳосил бўлган катталик;

 

сотиб олиш қиймати - РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича дастлабки сотиб олувчи ДҚҚни сотиб олиши учун дастлабки сотувчига тўлаши лозим бўлган пул маблағлари суммаси;

 

РЕПО ставкаси - РЕПО битими тузилаётганда ўрнатиладиган ва РЕПО битими бўйича жалб қилинган пул маблағлари учун белгиланган йиллик фоиз ставкаси;

 

РЕПО суммаси - РЕПО битими бўйича жалб қилинган (берилган) пул маблағларининг жорий сана ҳолатидаги суммасини акс эттирувчи катталик;

 

РЕПО муддати - РЕПО битимининг биринчи ва иккинчи қисмларини ижро этиш саналари ўртасидаги календарь кунларида ифодаланган вақт оралиғи.

РЕПО муддати РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилган сананинг эртасидан РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган кунгача (иккинчи қисм ижро куни инобатга олинади) ҳисобланади.

Биринчи ва иккинчи қисми бир кунда ижро этиладиган РЕПО битимлари учун (кейинги ўринда матнда кунлик РЕПО деб юритилади) РЕПО муддати бир кунга тенг, деб қабул қилинади;

 

мажбуриятлар суммаси - жорий санага РЕПО битими бўйича ҳисобланган фоизлар билан РЕПО суммасининг йиғиндисига тенг бўлган катталик;

 

дисконт - РЕПО битими тузилаётганда, битимнинг шарти сифатида томонлар ўртасида ўрнатилиши мумкин бўлган, сотиб олиш қиймати билан таъминот қиймати орасидаги фарқни фоизда ифодаловчи катталик;

 

қайта сотиб олиш қиймати - дастлабки сотувчи томонидан дастлабки сотиб олувчига РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича ДҚҚ учун тўланиши лозим бўлган пул маблағлари суммаси;

 

РЕПО битими бўйича олинган даромад - қайта сотиб олиш қиймати билан сотиб олиш қиймати орасидаги фарқ;

 

қайтариш суммаси - РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этиш кунида дастлабки сотувчи томонидан дастлабки сотиб олувчига тўланиши лозим бўлган пул маблағлари суммаси, яъни мажбуриятлар суммаси;

 

қолдиқ мажбуриятлар - РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилмаслиги ёки мазкур Низомда белгиланган тартибда тўлиқ ижро этилмаслиги натижасида вужудга келадиган РЕПО битими томонларининг мажбуриятлари;

 

ҳисоб-китобларнинг Т_0 коди - РЕПО битими тузиш жараёнида фойдаланиладиган, РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси битим тузилган куни амалга оширилишини билдирувчи белги;

 

ҳисоб-китобларнинг Т_n коди - РЕПО битими тузиш жараёнида фойдаланиладиган, РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси битим тузилган кундан бошлаб n - иш кунида амалга оширилишини билдирувчи белги;

 

Савдо тизими - РЕПО битими бўйича электрон савдолар амалга ошириладиган, унинг асосида буюртмаларни рўйхатга олиш, қимматли қоғозлар ва пул маблағлари ҳисобини юритиш, битимларни автоматик тарзда тузиш, савдо иштирокчилари томонидан жорий ахборотни бевосита иш ўринларида тезкор кўришларини таъминловчи ЎзРВБнинг автоматлаштирилган электрон тизими.

 

4. РЕПО битими бўйича олди-сотди қилинаётган ДҚҚга бўлган мулк ҳуқуқи:

  • РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси натижасида дастлабки сотувчидан дастлабки сотиб олувчига;
  • РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси натижасида дастлабки сотиб олувчидан дастлабки сотувчига ўтади.

5. РЕПО битимининг таъминотига қуйидаги талабларга жавоб берадиган ДҚҚ киритилиши мумкин:

а) дилерга ёки унинг инвесторига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ва уларнинг бошқа мажбуриятларидан ҳоли бўлган ДҚҚ;

б) сўндириш муддати РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этиш муддатидан камида 10 календарь куни кейин келадиган ДҚҚ.

Таъминотга турли чиқарилишдаги ДҚҚларни киритиш мумкин эмас.

 

6. Марказий банк дисконт катталигига чегара ўрнатиши мумкин.

 

7. Дастлабки сотиб олувчининг дастлабки сотувчидан таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича сотиб олган ДҚҚнинг ҳисоби, Савдо тизимининг депозитарийси томонидан, дастлабки сотиб олувчининг "депо" ҳисобварағида очиладиган - "РЕПО битими бўйича блокировка қилинган" бўлимида юритилади.

РЕПО битими таъминотидаги "РЕПО битими бўйича блокировка қилинган" бўлимида ҳисоби юритиладиган ДҚҚ, РЕПО битимида белгиланган шартлардан фарқли шартларда сотилиши, гаровга қўйилиши, бошқа турдаги мажбуриятлар билан юклатилиши ёки эгаси ўзгартирилиши мумкин эмас.

 

 

II. РЕПО СУММАСИ ВА УНИНГ ЎЗГАРИШИ

 

8. РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилганда РЕПО суммаси сотиб олиш қийматига тенг бўлади.

РЕПО муддати давомида таъминот таркибидаги қимматли қоғозлар бўйича дастлабки сотиб олувчи купон (фоиз) даромадини, ДҚҚни чиқарилиш шартларига кўра эмитент томонидан тўланадиган санада, РЕПО суммаси ушбу тўланган купон (фоиз) даромади миқдорига камаяди.

 

 

III. РЕПО БИТИМИНИ ТУЗИШ ШАРТЛАРИ

 

9. РЕПО битимини тузиш учун дилерлар Савдо тизимига РЕПО битимни тузиш бўйича буюртмани (кейинги ўринларда буюртма деб юритилади) киритади.

 

10. РЕПО битимлари уларнинг биринчи қисми ижроси битим тузилган куни амалга ошириладиган шарт билан (кейинги ўринларда матнда ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимлари деб юритилади) ёки биринчи қисми ижроси битим тузилган кундан бошлаб n - иш куни амалга ошириладиган шарт билан (кейинги ўринларда матнда ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимлари деб юритилади) тузилиши мумкин, бу ерда n - иш кунининг сонини билдирувчи рақам.

 

11. Тизим доирасидаги РЕПО битимлари фақат биринчи қисми РЕПО битими тузилган вақтда амалга ошириладиган шарт билан тузилади.

Тизим доирасидаги (автоматик) РЕПО битимларини тузишда савдо қатнашчилари томонидан Савдо тизимига рақобатли ва рақобатсиз буюртмалар киритилади.

Дилернинг ўзи томонидан РЕПО ставкаси кўрсатиладиган рақобатли буюртмалардан фарқли равишда, рақобатсиз буюртмалар Савдо тизимига буюртма берилган вақтда автоматик тарзда ҳисобланадиган ўртача тортилган РЕПО ставкаси бўйича киритилади.

 

12. Буюртмалар РЕПО битимининг қуйидаги мажбурий шартларини ўз ичига олиши лозим:

а) РЕПО ставкаси;

б) РЕПО муддати;

в) буюртма берган дилернинг номи ва таъминотдаги ДҚҚнинг муомаласини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ коди;

г) буюртманинг йўналиши (ДҚҚни сотиш ёки ДҚҚни сотиб олиш);

д) РЕПО суммаси (сўмда);

е) тизимдан ташқаридаги РЕПО битимлари учун ҳисоб-китобларнинг коди (Т_0 ёки Т_n, бунда n > 1) кўрсатилади;

ж) таъминот таркибидаги ДҚҚнинг чиқарилиш рақами;

з) таъминот таркибидаги ДҚҚнинг доналарда ифодаланган миқдори;

Тизимдан ташқаридаги РЕПО битимларини тузиш учун дилер ўз буюртмасида, РЕПО битимининг мажбурий шартларига қўшимча равишда, ушбу битимни тузиш бўйича таклифни қабул қилувчи дилернинг номи ва таъминотдаги ДҚҚнинг муомаласини тартибга солувчи номатив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ кодини кўрсатиши лозим.

 

13. Буюртмалар РЕПО битимининг қуйидаги қўшимча шартларини ўз ичига олиши мумкин:

а) дисконтнинг қиймати;

б) таъминотни блокировка қилишга кўрсатма.

Буюртманинг стандарт шакли ЎзРВБ томонидан белгиланади.

 

14. ДҚҚни сотиб олишга берилган буюртма ДҚҚни сотишга берилган буюртмага муқобил ҳисобланади ва аксинча.

 

15. Савдо тизимида РЕПО битими тузилиши учун мазкур Низомнинг 12-банди "а", "б", "д", "е", "ж", "з" кичик бандларида ва 13-банди "а", "б" кичик бандларида кўрсатилган РЕПО битимларининг шартлари иккита муқобил буюртмаларда мос келиши шарт.

 

16. Тизимдан ташқаридаги РЕПО битими дастлабки сотувчининг (дастлабки сотиб олувчининг) Савдо тизимида рўйхатдан ўтган буюртмасига жавобан дастлабки сотиб олувчи (дастлабки сотувчи) томонидан тақдим этилган РЕПО буюртмаси Савдо тизимида рўйхатдан ўтган пайтда тузилган ҳисобланади.

 

17. Тизим доирасидаги РЕПО битимининг Савдо тизимига киритилган буюртмасига мос муқобил буюртмани аниқлаш учун унинг шартлари узлуксиз равишда бошқа буюртмалар шартлари билан солиштириш жарёнидан ўтади. Шартлари бир-бирига мос муқобил буюртмалар мавжуд бўлганда, мазкур буюртмаларни берган дилерларнинг қўшимча розилигини ёки тасдиғини талаб қилмайдиган тизим доирасидаги РЕПО битими тузилади.

 

18. Тизим доирасидаги РЕПО битимлари фақат таъминоти блокировка қилинган ҳолда тузилади.

 

19. Тизимдан ташқаридаги РЕПО битимлари таъминоти блокировка қилинган ёки таъминоти блокировка қилинмаган ҳолда тузилиши мумкин. Таъминоти блокировка қилинган РЕПО битими буюртмада тегишли шарт кўрсатилган тақдирдагина тузилади.

 

20. Савдо тизимининг ҳар бир РЕПО битими бўйича дастлабки сотувчи ва дастлабки сотиб олувчидан оладиган воситачилик ҳақи битим бўйича буюртмалар рўйхатга олинаётган пайтда ундирилади.

 

21. Ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимини тузиш учун дастлабки сотиб олувчи ва дастлабки сотувчи буюртманинг йўналишидан келиб чиққан ҳолда мос равишда ўз пул маблағлари (ЎзРВБнинг воситачилик ҳақини инобатга олган ҳолда) ва қимматли қоғозларини Савдо тизимига РЕПО битимини тузиш учун етарли миқдорда олдиндан захиралашлари шарт.

 

22. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимини тузиш учун дилерларнинг Савдо тизимидаги пул позициясида ЎзРВБнинг воситачилик ҳақини тўлаш учун пул маблағлари етарли бўлиши лозим.

 

23. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битими тузилганлиги тўғрисида ЎзРВБ РЕПО битими томонларига биржа гувоҳномасини тақдим этади.

ЎзРВБнинг биржа гувоҳномаси ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битими тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Биржа гувоҳномасининг стандарт шакли ЎзРВБ томонидан тасдиқланади.

 

24. Ҳар бир РЕПО битими тузилган пайтда унга Савдо тизими томонидан такрорланмас рўйхат рақами берилади (кейинги ўринларда матнда РЕПО битими рақами деб юритилади).

 

25. Тизим доирасидаги РЕПО битими бўйича буюртма, у қондирилгунга қадар, уни берган дилер томонидан бекор қилиниши мумкин.

 

26. Тизимдан ташқаридаги РЕПО битимлари бўйича берилган буюртмани бекор қилиниши уни берган дилер томонидан, ушбу буюртмага жавобан берилган муқобил буюртма Савдо тизимида рўйхатдан ўтгунга қадар, амалга оширилиши мумкин.

 

27. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимида дастлабки сотиб олувчининг (дастлабки сотувчининг) РЕПО буюртмаси бекор қилинганда, Савдо тизими дастлабки сотиб олувчи (дастлабки сотувчи)га ЎзРВБнинг воситачилик ҳақини қайтариб беради.

 

 

IV. ҲИСОБ-КИТОБЛАРИ T_0 КОДЛИ РЕПО

БИТИМИНИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИ ИЖРОСИ

 

28. Ҳисоб-китоблари T_0 кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижросини амалга ошириш учун қуйидаги етарлилик шартлари бажарилиши лозим:

а) дастлабки сотувчининг Савдо тизимидаги "депо" позициясида РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича ДҚҚнинг етарлилиги;

б) дастлабки сотиб олувчининг Савдо тизимидаги пул позициясида РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича ДҚҚни сотиб олиш ва ЎзРВБнинг воситачилик ҳақини тўлаш учун пул маблағларининг етарлилиги.

Бунда Савдо тизими:

  • унга киритилган буюртмаларда етарлилик шартларини бажарилишини текширади ва етарлилик шарти бажарилмаган дилернинг буюртмасини рад этади;
  • дастлабки сотувчи ва дастлабки сотиб олувчининг буюртмаларида мос равишда етарлилик шартлари бажарилган бўлса, ушбу буюртмаларни рўйхатга олади;
  • дастлабки сотиб олувчининг Савдо тизимидаги пул позициясини РЕПО суммасига ва Савдо тизимининг воситачилик ҳақи миқдорига камайтиради;
  • Дастлабки сотувчининг "депо" позициясини таъминотга киритилаётган ДҚҚларнинг миқдорига камайтиради.

 

29. Ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимини тузиш учун Савдо тизими:

  • дастлабки сотиб олувчининг "депо" позициясини таъминотга киритилган ДҚҚнинг миқдорига оширади;
  • Дастлабки сотувчининг пул позициясини РЕПО суммаси билан Савдо тизимининг воситачилик ҳақи орасидаги фарққа оширади.

 

30. Мазкур Низомнинг 29-бандида кўрсатилган операцияларнинг Савдо тизими томонидан тўлиқ ижро этилиши ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битими тузилганлиги ва унинг биринчи қисми ижро этилганлигини билдиради.

 

31. Ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битими тузилганлиги ва унинг биринчи қисми ижро этилганлиги тўғрисида ЎзРВБ РЕПО битими томонларига биржа гувоҳномасини тақдим этади.

ЎзРВБнинг биржа гувоҳномаси ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимининг тузилганлиги ва унинг биринчи қисми ижро этилганлигининг тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

 

32. Ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимида дастлабки сотувчининг буюртмаси бекор қилинганда Савдо тизими бекор қилинган буюртмага мувофиқ дастлабки сотувчининг "депо" позициясини РЕПО битимининг биринчи қисмини ижро этиш учун киритилган ДҚҚлар миқдорига оширади.

 

33. Ҳисоб-китоблари Т_0 кодли РЕПО битимида дастлабки сотиб олувчининг РЕПО буюртмаси бекор қилинганда Савдо тизими дастлабки сотиб олувчининг пул позициясини ушбу буюртмани тўлиқ қаноатлантириш учун зарур бўлган пул маблағлари суммасига (Савдо тизимининг воситачилик ҳақини тўлаш учун керак бўлган маблағни қўшган ҳолда) оширади.

 

 

V. ҲИСОБ КИТОБЛАРИ T_n КОДЛИ РЕПО БИТИМИНИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИ ИЖРОСИ

 

34. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисмини ижро этиш учун дилерлар мос равишда буюртманинг йўналишидан келиб чиқиб ўз пул маблағлари ва ДҚҚни Савдо тизимига РЕПО битимини тузиш учун етарли миқдорда олдиндан захиралашлари шарт.

 

35. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимларининг биринчи қисми ижроси белгиланган куни дилерлар битимнинг рақами ва санасини, шунингдек битим тузилаётган кунда белгиланган ушбу битимнинг барча мажбурий ва қўшимча шартлари кўрсатилган буюртма-топшириқни Савдо тизимига киритадилар.

 

36. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисмини ижро этиш учун қуйидаги мослик ва етарлилик шартлари бажарилиши шарт:

а) буюртма-топшириқ шартларининг тузилган РЕПО битими шартларига мослиги;

б) дастлабки сотиб олувчининг пул позициясида РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси учун пул маблағларининг етарлилиги;

в) дастлабки сотувчининг "депо" позициясида РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси учун ДҚҚнинг етарлилиги.

Бунда Савдо тизими:

  • мослик ҳамда етарлилик шартлари бажарилмаган дилернинг буюртма-топшириғини рад этади;
  • дастлабки сотувчи ва дастлабки сотиб олувчининг буюртма-топшириқларида мос равишда мослик ҳамда етарлилик шартлари бажарилган бўлса, ушбу буюртма-топшириқларни рўйхатга олади ҳамда:
  • дастлабки сотиб олувчининг пул позициясини РЕПО суммасига камайтиради;
  • дастлабки сотувчининг "депо" позициясини РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси учун зарур бўлган ДҚҚ миқдорига камайтиради.

 

37. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимини тузиш учун Савдо тизими:

дастлабки сотиб олувчининг "депо" позициясини таъминотга киритилган ДҚҚнинг миқдорига оширади;

дастлабки сотувчининг пул позициясини РЕПО суммасига оширади.

Ушбу бандда кўрсатилган операцияларнинг тўлиқ амалга оширилиши ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилганлигини билдиради.

 

38. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилганлиги тўғрисида ЎзРВБ РЕПО битими томонларига биржа гувоҳномасини тақдим этади.

ЎзРВБнинг биржа гувоҳномаси РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

 

39. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижроси учун рўйхатдан ўтган буюртма-топшириғининг бекор қилиниши унга мос муқобил буюртма-топшириқ Савдо тизимида рўйхатдан ўтгунга қадар амалга оширилиши мумкин.

 

40. Дастлабки сотувчининг буюртма-топшириғи бекор қилинганда, Савдо тизими бекор қилинган буюртма-топшириққа мувофиқ дастлабки сотувчининг "депо" позициясини РЕПО битимининг биринчи қисмини ижро этиш учун киритилган ДҚҚлар миқдорига оширади.

 

41. Дастлабки сотиб олувчининг РЕПО буюртма-топшириғи бекор қилинганда Савдо тизими дастлабки сотиб олувчининг пул позициясини ушбу буюртамани тўлиқ қаноатлантириш учун зарур бўлган пул маблағлари суммасига (Савдо тизимининг воситачилик ҳақини инобатга олган ҳолда) оширади.

 

42. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилмагани учун РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этиладиган санада савдолар тугагунга қадар Савдо тизимига буюртма-топшириғини киритмаган томон жавобгар ҳисобланади.

Агар РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этиладиган санада савдолар тугагунга қадар ушбу битим бўйича иккала томон ҳам буюртма-топшириғини Савдо тизимига киритмаган бўлса, ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилмагани учун иккала томон ҳам жавобгар ҳисобланади.

Савдо тизимида юзага келган техник носозликлар ва бошқа сабабларга кўра ЎзРВБнинг айби билан буюртма-топшириқларнинг рўйхатга олинмаслик ҳолатлари бундан мустасно.

 

43. Савдо тизими ҳар бир савдо кунининг натижаларига кўра дилерларга, улар томонидан ушбу савдо куни РЕПО битимларининг ижро этилмаган биринчи қисми тўғрисидаги маълумотларни тайёрлайди ва тақдим этади.

 

44. РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилмагани учун жавобгар деб топилган томонларга нисбатан жарималар қўлланилиши мумкин.

 

45. Савдо тизимида рўйхатга олинган, лекин бажарилмаган РЕПО битимлари бўйича буюртма-топшириқлар савдолар якунида автоматик тарзда бекор қилинади. Бунда Савдо тизими мазкур Низом шартларига мувофиқ дилерларнинг позицияларига тегишли ўзгартиришлар киритади.

 

46. Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимининг биринчи қисми қисман бажарилишига ёки РЕПО битимининг биринчи қисмини унинг шартларида белгиланган санадан бошқа санада бажарилишига йўл қўйилмайди.

 

 

VI. РЕПО БИТИМИНИНГ ШАРТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ

 

47. Амалдаги РЕПО битими шартларига ўзгартириш киритиш дастлабки сотиб олувчи томонидан РЕПО битими таъминотига кирувчи қимматли қоғозлардан купон (фоиз) даромади олинганда ёки томонларнинг келишуви асосида амалга оширилади.

 

48. Дастлабки сотиб олувчи РЕПО битими таъминотига кирувчи қимматли қоғозлар бўйича купон (фоиз) даромади олганда Савдо тизими ушбу РЕПО битими бўйича РЕПО суммасини, қайтариш суммасини, мажбуриятлар суммасини ва қайта сотиб олиш қийматини автоматик равишда қайта ҳисоблайди ҳамда РЕПО битими шартларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатга олади.

 

49. Амалдаги РЕПО битимини тузган томонларнинг келишуви билан битимнинг қуйидаги шартларига ўзгартириш киритиш мумкин:

  • РЕПО муддати;
  • РЕПО ставкаси;
  • таъминотдаги ДҚҚнинг миқдори;
  • қайта сотиб олиш қиймати;
  • Дисконт қиймати.

 

50. Амалдаги РЕПО битими шартларига ўзгартириш киритиш битимни тузган дилерлар томонидан Савдо тизимига РЕПО битими шартларига ўзгартириш киритиш бўйича буюртма-топшириқлар киритиш йўли билан амалга оширилади.

 

51. Амалдаги РЕПО битимининг шартларини ушбу РЕПО битимини тузган дилерларнинг ўзгартириш бўйича шартлари бир-бирига мувофиқ буюртма-топшириқлари Савдо тизимида рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб РЕПО битими ўзгартирилган ҳисобланади.

 

52. Амалдаги РЕПО битими шартларини ўзгартириш бўйича буюртма-топшириқлар, мазкур Низомнинг 49-бандида белгиланган чеклашларни инобатга олган ҳолда, РЕПО битимининг тузилган санаси ва рақами, РЕПО битимининг амалдаги ва киритилаётган шартларини ўз ичига олиши лозим.

 

53. РЕПО битими шартларини ўзгартириш бўйича Савдо тизимида рўйхатдан ўтган буюртма-топшириқ дилер томонидан муқобил буюртма-топшириқ Савдо тизимида рўйхатдан ўтгунга қадар бекор қилиниши мумкин.

 

54. Савдо тизими РЕПО битимига ўзгартиришларни рўйхатга олганда:

  • РЕПО битимининг томонларига ушбу битимга киритилган ўзгартиришлар рўйхатга олинганлиги ва РЕПО битимига ўзгартиришлар киритилганлиги тўғрисида тасдиқнома жўнатади;
  • РЕПО битими шартларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар РЕПО битимининг ижроси билан боғлиқ хабарномалар жўнатилган бўлса, ушбу хабарномаларни бекор қилади;
  • РЕПО битими шартларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар Савдо тизими томонидан рўйхатга олинган, лекин ижро этилмаган РЕПО битимининг иккинчи қисми ижросига доир буюртма-топшириқларни бекор қилади;
  • РЕПО битими шартларига киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, жорий кун давомида РЕПО битимининг иккинчи қисми ижросига зарурият мавжудлигини текширади ҳамда ушбу текширув натижасига кўра, зарурият туғилганда РЕПО битими бўйича томонларга, мазкур Низомнинг VII бўлими талабларига жавоб берувчи хабарномани юборади.

 

 

VII. РЕПО БИТИМИНИНГ ИККИНЧИ ҚИСМИ ИЖРОСИ

 

55. РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси бўйича РЕПО битими томонларининг мажбурияти томонларнинг РЕПО битимининг биринчи қисми бўйича мажбуриятлари тўлиқ бажарилгандан сўнг юзага келади.

 

56. Савдо тизими амалдаги РЕПО битимининг иккинчи қисми амалга ошириладиган санадан бир кун олдин ушбу битим томонларига амалдаги РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилиши тўғрисида хабарнома жўнатади.

 

57. Савдо тизими кунлик РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилишида РЕПО битими томонлари номидан иштирок этаётган дилерларга РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилиши тўғрисида хабарнома жўнатади.

 

58. Амалдаги РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси тўғрисидаги хабарнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

  • Савдо тизими томонидан бериладиган хабарноманинг рўйхат рақами;
  • РЕПО битимининг рақами;
  • РЕПО битими тузилган сана;
  • РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этиш санаси;
  • РЕПО битимини тузган дилерларнинг номи ва таъминотдаги ДҚҚнинг муомаласини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ коди;
  • тўловнинг йўналиши (ДҚҚни сотиб олиш ва сотиш);
  • қайтариш суммаси (сўмда);
  • таъминот таркибидаги ДҚҚнинг чиқарилиш рақами;
  • таъминот таркибидаги ДҚҚнинг донада ифодаланган миқдори;
  • Дилерларнинг пул ва "депо" позицияси.

Хабарноманинг стандарт шакли ЎзРВБнинг ҳужжатлари билан белгиланади.

Амалдаги РЕПО битимининг иккинчи қисми дилерлар томонидан хабарномадаги маълумотларни ўз ичига олган буюртма-топшириқларни Савдо тизимига киритиш йўли билан ижро этилади.

 

59. Таъминоти блокировка қилинган РЕПО битими бўйича дастлабки сотиб олувчининг буюртма-топшириғи Савдо тизими томонидан киритилади.

 

60. Кунлик РЕПО битимининг иккинчи қисми ушбу РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилган савдо куни тугагунга қадар амалга оширилади.

 

61. РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси носавдо кунига тўғри келса, РЕПО битимининг иккинчи қисми белгиланган санадан кейинги биринчи савдо кунида амалга оширилади. Бунда қайтариш суммаси РЕПО битими шартларида белгиланган унинг иккинчи қисми амалга ошириладиган санадан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

62. Савдо тизими дастлабки сотувчининг РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижроси бўйича буюртма-топшириғини олганда, буюртма-топшириқ шартларини РЕПО битими шартларига мослигини ҳамда дастлабки сотувчининг пул позициясида РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ ижроси учун етарли даражада маблағ борлигини текширади.

Текшириш натижаларига кўра, буюртма-топшириқ шартлари РЕПО битими шартларига мос, шунингдек дастлабки сотувчининг пул позициясида РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ ижроси учун етарли даражада маблағ бўлган ҳолда, ушбу буюртма-топшириқни рўйхатга олади ва дастлабки сотувчининг пул позициясини қайтариш суммасига камайтиради.

 

63. Савдо тизими дастлабки сотиб олувчининг РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси бўйича буюртма-топшириғини олганда, буюртма-топшириқ шартларини РЕПО битими шартларига мослигини ҳамда дастлабки сотиб олувчининг "депо" позициясида РЕПО битимининг иккинчи қисмини тўлиқ ижроси учун етарли миқдорда ДҚҚ борлигини текширади.

Текшириш натижаларига кўра, буюртма-топшириқ шартларини РЕПО битими шартларига мос, шунингдек дастлабки сотиб олувчининг "депо" позициясида РЕПО битимининг иккинчи қисмини тўлиқ ижроси учун етарли миқдорда ДҚҚ мавжуд бўлган ҳолда, ушбу буюртма-топшириқни рўйхатга олади ва дастлабки сотиб олувчининг "депо" позициясини РЕПО битими бўйича таъминот таркибидаги ДҚҚ миқдорига камайтиради.

 

64. Савдо тизими РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этиш учун, дастлабки сотиб олувчининг пул позициясини қайтариш суммасига, дастлабки сотувчи "депо" позициясини РЕПО битими иккинчи қисмининг тўлиқ ижроси учун зарур бўлган ДҚҚ миқдорига оширади. Ушбу ҳолатда РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилган ҳисобланади.

 

65. РЕПО битимининг иккинчи қисми ижроси бўйича Савдо тизими томонидан рўйхатга олинган буюртма-топшириқ уни киритган дилер томонидан ушбу РЕПО битими бўйича иккала буюртма-топшириқ рўйхатга олингунга қадар бекор қилиниши мумкин.

 

66. РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этилмаганда, РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санада савдолар тугаган вақтгача буюртма-топшириғини Савдо тизимига киритмаган томон ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Агар РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санада савдолар тугаган вақтгача битимдаги иккала томон ҳам буюртма-топшириқларини Савдо тизимига киритмаган бўлса, у ҳолда РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун иккала томон ҳам жавобгар ҳисобланади.

Савдо тизимида юзага келган техник носозликлар ва бошқа сабабларга кўра ЎзРВБнинг айби билан буюртма-топшириқларнинг рўйхатга олинмаслик холлари бундан мустасно.

 

67. Таъминоти блокировка қилинмаган РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгар томонга жарималар қўлланилади.

 

68. РЕПО битимининг иккинчи қисми бажарилмаган ҳолда, Савдо тизими томонидан рўйхатга олинган РЕПО битими томонларининг буюртма-топшириқлари савдо тугаш вақтида бекор қилинади. Бунда Савдо тизими РЕПО битими томонларининг пул ва "депо" позицияларига бекор қилинган буюртма-топшириқларга мувофиқ тегишли ўзгартиришлар киритади.

 

69. РЕПО битимининг иккинчи қисмини қисман бажарилишига, шунингдек РЕПО битими шартида белгиланган санадан бошқа санада РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этилишига йўл қўйилмайди, мазкур Низомда келтирилган ҳолатлар бундан мустасно.

 

 

VIII. ТАЪМИНОТИ БЛОКИРОВКА ҚИЛИНГАН РЕПО БИТИМЛАРИДА РЕПО БИТИМИНИНГ ИККИНЧИ ҚИСМИНИ МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА ИЖРО ЭТИЛИШИ

 

70. Таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимининг иккинчи қисми ушбу битим шартларида белгиланган санада ижро этилмаса, Савдо тизими РЕПО битими бўйича таъминотдаги ДҚҚларни дастлабки сотувчининг дастлабки сотиб олувчи олдидаги мажбуриятларини бажариш учун сотади.

 

71. Таъминотнинг сотилиши тегишли РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро этиш санасидан кейинги савдо кунидан бошлаб Савдо тизими томонидан ўтказиладиган кунлик аукционлар шаклида амалга оширилади.

ДҚҚнинг аукциондаги сотилиш нархи Дастлабки сотувчи томонидан белгиланади.

 

72. ЎзРВБ ДҚҚ бозори дилерларига аукционни ўтказиш, аукционда сотиладиган ДҚҚнинг таркиби, сотишдан кутилаётган тушум ҳажми ва аукционда сотишнинг минимал нархи тўғрисидаги маълумотларни аукцион ўтказиладиган санадан аввалги савдо куни маълум қилади.

 

73. Аукцион натижалари бўйича қайта ҳисобланган РЕПО битимининг қайтариш суммаси нолга тенг бўлмай, таъминот эса тўла ҳажмда сотилмай қолган тақдирда навбатдаги аукцион ўтказилиши эълон қилинади.

 

74. Савдо тизими тегишли РЕПО битими бўйича ҳисоб-китобларни якунлаш учун таъминотдаги қимматли қоғозларни етарли ҳажмда сотади.

 

75. Дастлабки сотувчининг дастлабки сотиб олувчи олдидаги мажбурияти сўндирилганидан сўнг таъминот таркибидаги сотилмай қолган ДҚҚ ва таъминот таркибидаги ДҚҚни сотишдан тушган тушумнинг қолдиғи дастлабки сотувчига қайтарилади.

 

76. Савдо тизими РЕПО битими бўйича ҳисоб-китоблар якунлангандан сўнг РЕПО битими бўйича ҳисоб-китоблар якунига етганлиги тўғрисида дилерларга хабарнома жўнатади.

 

77. Савдо тизимининг РЕПО битими бўйича ҳисоб-китоблар якунига етганлиги тўғрисидаги хабарномаси томонларнинг РЕПО битими бўйича ўз мажбуриятларини ижро этганликлари далили ҳисобланади.

 

78. Таъминотни сотиш даврида таъминот таркибидаги қимматли қоғозлар сўндирилган бўлса, ва/ёки улар бўйича купон тўлови бўлган бўлса, РЕПО битими бўйича ҳисоб-китобларни якунлаш мақсадида, сўндириш ва/ёки купон тўловидан тушган маблағлар таъминотни сотишдан тушган тушум сифатида қабул қилинади.

 

79. Таъминотни тўлиқ ҳажмда сотишдан тушган пул маблағлари РЕПО битими бўйича ҳисоб-китобларни якунлаш учун етарли бўлмаса, Савдо тизими РЕПО битимининг томонлари ҳисобланган дилерларга дастлабки сотувчининг дастлабки сотиб олувчи олдидаги бажарилмаган мажбурияти тўғрисида хабарнома юборади.

 

80. Савдо тизимининг бажарилмаган мажбурияти миқдори тўғрисидаги хабарномаси дастлабки сотиб олувчининг дастлабки сотувчи олдидаги мажбуриятининг ижроси тўғрисидаги, шунингдек РЕПО битимининг иккинчи қисми бўйича дастлабки сотиб олувчининг дастлабки сотувчига бўлган талабларини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Қолдиқ мажбуриятлар ижро этилмагунга қадар РЕПО битими ижро этилмаган ҳисобланади.

 

 

IX. МАРКАЗИЙ БАНК ТОМОНИДАН ДАВЛАТ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ БИЛАН ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ РЕПО БИТИМЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

 

81. Марказий банк тижорат банклари билан (кейинги ўринларда банклар деб юритилади) уларнинг ликвидлигини тартибга солиш мақсадида тўғридан-тўғри РЕПО битимларини амалга оширади.

 

82. Марказий банк томонидан тўғридан-тўғри РЕПО битимлари мазкур Низомга ҳамда банк билан тузиладиган тўғридан-тўғри РЕПО битими бўйича Келишувга (кейинги ўринларда Келишув деб юритилади) мувофиқ амалга оширилади.

Келишувни тузиш учун банк Марказий банкка келишув тузиш тўғрисида ариза ва банк бошқаруви раиси ёки тегишли ваколат берилган банк бошқаруви раисининг ўринбосари томонидан имзоланган Келишувнинг икки нусхасини тақдим этади.

 

83. Марказий банк ва банклар ўртасида тўғридан-тўғри РЕПО битимлари 14 календарь кунгача бўлган муддатга тузилади ва муддати узайтирилмайди.

 

84. Тўғридан-тўғри РЕПО битимлари Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган умумий лимит доирасида амалга оширилади.

 

85. Буюртма бериш вақтида қуйидаги талабларга жавоб берадиган банк Марказий банк билан тўғридан-тўғри РЕПО битимини амалга ошириш ҳуқуқига эга:

а) давлат қимматли қоғозлар бозори дилери мақомига эга бўлган банк;

б) Марказий банк билан тўғридан-тўғри РЕПО битими бўйича Келишувни тузган банк;

в) Марказий банкнинг мажбурий захира талабларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ижро этаётган банк;

г) Марказий банк томонидан берилган кредитлар ва уларга доир фоиз тўловлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги бўлмаган банк;

д) сўнгги 3 ой давомида РЕПО битимларининг иккинчи қисмини ўз вақтида ижро этган банк.

 

86. Марказий банк банкларга тўғридан-тўғри РЕПО битими шартлари аниқ кўрсатилган хабарномани ЎзРВБ орқали етказади.

 

87. Банклар савдо куни соат 9:30 дан 11:30 гача тўғридан-тўғри РЕПО битимларини тузиш бўйича буюртмаларни Савдо тизимига киритадилар.

РЕПО буюртмаси мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган РЕПО битимининг барча мажбурий шартларини ўз ичига олиши лозим. (АВ 16.01.2009 й. 1829-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги хатбоши)

Банклар соат 11:30 дан кейин Савдо тизимида рўйхатдан ўтган буюртмасини қайтариб олиши мумкин эмас.

 

88. Банк буюртмада, РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этиш санаси Келишувнинг амал қилиш муддатидан ўтиб кетмайдиган РЕПО муддатини кўрсатиши лозим.

 

89. Савдо тизими йиғилган буюртмалар асосида буюртмаларнинг жамланма реестрини шакллантиради. Жамланма реестр Савдо тизими вакили томонидан имзоланади ва Марказий банк вакили орқали буюртмаларни қабул қилиш якунланганлиги ҳақидаги хабарнома билан соат 13:00 гача Марказий банкка тақдим этилади.

Жамланма реестрнинг стандарт шакли Марказий банк билан келишилган ҳолда ЎзРВБ томонидан ўрнатилади.

 

90. Марказий банк соат 15:30 гача тўғридан-тўғри РЕПО битимининг белгиланган лимити доирасида битимнинг минимал ставкасини белгилайди ва ЎзРВБга белгиланган минимал ставкага тенг ва ундан юқори ставкалар кўрсатилган буюртмаларни қондирилиши учун топшириқ беради.

Бунда, берилган вақтидан қатъи назар, РЕПО ставкаси пастроқ бўлган буюртмага нисбатан РЕПО ставкаси юқорироқ буюртма олдин қондирилади.

РЕПО битими бўйича РЕПО ставкаси бир хил бўлган буюртмалар ҳажми тўғридан-тўғри РЕПО битими бўйича ўрнатилган лимитдан юқори бўлса, буюртмалар ушбу лимит доирасида, берилган вақтига мувофиқ, навбатма-навбат тартибида қондирилади.

 

91. Савдо тизими соат 16:00 гача Марказий банк томонидан қондирилмаган буюртмаларни бекор қилади ҳамда барча иштирокчи банкларга тўғридан-тўғри РЕПО битими бўйича савдо натижаларини маълум қилади.

 

92. Тўғридан-тўғри РЕПО битими бўйича буюртмаси қондирилган банклар Савдо тизими вакилидан битим натижалари бўйича ҳисоб-китоб ҳужжатларини соат 17:00 гача олади. Марказий банк вакили Савдо тизими вакилидан тўлиқ ёки қисман қондирилган буюртмаларни икки нусхада олади.

 

93. Банк ва Марказий банк РЕПО битимининг биринчи қисми тузилган вақтдан бошлаб, ўз зиммаларига РЕПО битимининг иккинчи қисмини ижро этиш мажбуриятларини олади.

 

94. РЕПО битими ўтказилган савдо кунидан кейин келадиган биринчи иш куни банк вакиллари тегишли ишончномаларни кўрсатганларидан сўнг, Марказий банкнинг маъсул ходими томонидан имзоланган, савдоларда тўлиқ ёки қисман қондирилган буюртмаларнинг бир нусхасини олади.

 

95. Банк РЕПО битимининг иккинчи қисмини муддатидан аввал ижро этиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолда банк Марказий банкка буюртма беради.

 

96. Битимнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятлар банк томонидан бажарилмаган ёки нотўғри бажарилган ҳолда, Марказий банк битимнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ҳуқуқига эга. Бунда ДҚҚ Марказий банк тасарруфида, пул маблағлари эса банкда қолади. Бундай ҳолларда Марказий банк зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

97. Марказий банк, битимнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларни банк томонидан бажарилмаган ёки нотўғри бажарилганидан сўнг, битимнинг биринчи қисми бўйича сотиб олинган ДҚҚни иккиламчи бозорда сотиши мумкин.

 

 

X. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

98. РЕПО битими бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган дилерга нисбатан жарима санкциялари қўлланилади. Жарима санкциялари қўлланилиши дилерларнинг ўз мажбуриятларини бажариш бўйича жавобгарлигини бекор қилмайди.

 

99. Дилерлар РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро муддати унинг Марказий банк билан дилерлик функциясини бажариш бўйича тузган шартномаси амал қилиш муддатидан ўтадиган РЕПО битимларини туза олмайди.

 

100. Дилерлар амалдаги РЕПО битимининг шартларига РЕПО битимининг иккинчи қисми ижро муддати унинг Марказий банк билан дилерлик функциясини бажариш бўйича тузган шартномасининг амал қилиш муддатидан ўтадиган ҳолда ўзгартиришларни киритиши мумкин эмас.

 

101. Марказий банк билан дилерлик функцияларини бажариш бўйича шартнома бекор қилинганда:

ушбу тўғрисида Савдо тизими Марказий банкдан тегишли хабарнома олган кундан кейин ўтказиладиган биринчи савдо куни амалдаги РЕПО битимларининг иккинчи қисми бажарилиши шарт ҳисобланади.

Ҳисоб-китоблари Т_n кодли РЕПО битимлари, агар ушбу РЕПО битимининг биринчи қисми ижро этилмаган бўлса, бекор қилинади.

 

102. РЕПО битимини тузиш ва ижро этиш ҳамда РЕПО битими бўйича қолдиқ мажбуриятларни тартибга солиш билан боғлиқ низолар белгиланган тартибда ҳал қилинади.

 

103. Марказий банк дилерларга ва Савдо тизимига РЕПО битимини тузиш ва ижро этиш билан боғлиқ қўшимча киритилган шартлар ва чеклашларни, уларнинг амал қилинишидан 7 кун аввал жўнатади.

 

104. Марказий банк қонун ҳужжатларига мувофиқ Марказий банк РЕПО битими қатнашчилари рўйхатига чеклашлар киритиши ҳамда айрим дилерларни РЕПО битими тузишда иштирок этишини тўхтатиб қўйиши мумкин.

 

105. Тузилган РЕПО битимларининг биринчи ва иккинчи қисми ижро натижасида пул маблағлари ва ДҚҚга оид вужудга келган дилерларнинг мажбуриятлари ДҚҚни олди-сотди операциялари бўйича савдо иштирокчиларининг якуний нетто-мажбуриятлари ҳисоб-китобига киритилади.

 

106. Репо битими томонларининг келишувига мувофиқ таъминотга киритилган ДҚҚнинг бозор нархи ўзгариши муносабати билан РЕПО битимининг томонлари ДҚҚ билан ёки пул шаклида олдиндан тўловни амалга ошириши мумкин.

 

107. Савдо тизими томонидан дилерларга РЕПО битими тузилганлиги, ижро этилганлиги, РЕПО битими шартларига ўзгартиришлар киритилганлиги, РЕПО битими бўйича якуний ҳисоб-китоблар тугатилганлиги, таъминоти блокировка қилинган РЕПО битимлари бўйича қолдиқ мажбуриятларнинг бажарилиши (бажарилмаслиги) тўғрисида бериладиган тегишли ҳисобот ҳужжатлари уларнинг бажарилганлигининг тасдиғи ҳисобланади.

 

108. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

 

Юклаб олиш