I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - Биржа) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

 

II. НОМЛАНИШИ ВА МАНЗИЛИ

2. Биржанинг тўлиқ фирма номи:

Ўзбек тилида (кирил алифбосида) “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти;

Ўзбек тилида (лотин алифбосида) “O’zbekiston respublika valyuta birjasi” aksiyadorlik jamiyati;

Инглиз тилида: Stock company “Uzbek Republican Сurrency Exchange”;

Рус тилида: Акционерное общество “Узбекская республиканская валютная биржа”.

3. Биржанинг қисқартирилган фирма номи:

Ўзбек тилида (кирил алифбосида): “ЎзРВБ” АЖ (ЎзРВБ);

Ўзбек тилида (лотин алифбосида): “О’zRVB” AJ (О’zRVB);

Инглиз тилида: SC “UzRCE” (UzRCE);

Рус тилида: АО “УзРВБ” (УзРВБ).

4. Биржанинг жойлашган ери (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Ш.Рашидов шоҳ кўчаси, 4 уй. Индекс: 100084.

5. Биржанинг электрон почта манзили: info@uzrvb.uz

 

III. ФАОЛИЯТНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА МУДДАТИ

6. Биржа фаолиятининг мақсади валюта бозори, давлат қимматли қоғозлари бозори, молиявий ҳосила инструментлар ва пул бозорида биржа савдоларини мунтазам равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашдан иборат.

7. Биржа фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

1) хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича банклараро савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, савдо натижалари бўйича миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

2) савдо натижалари бўйича миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини белгилаш;

3) давлат қимматли қоғозларини чиқариш ва муомалада бўлишига оид меъёрий ҳужжатларга мувофиқ давлат қимматли қоғозлари бўйича савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, улар бўйича ҳисоб-клиринг ҳамда депозитар фаолиятни амалга ошириш;

4) молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) билан савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

5) пул бозорида банклараро савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

6) биржа савдолари иштирокчилари учун миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб-клиринг хизматини кўрсатишни ташкиллаштириш;

7) Биржа инфратузилмасини ривожлантириш;

8) Биржа аъзолари учун мажбурий бўлган биржа савдолари қоидаларини, шунингдек намунавий шартномаларни ва тузилган битимларни расмийлаштириш учун ҳужжатларнинг стандарт шаклини ишлаб чиқиш;

9) биржа савдолари иштирокчиларининг касбий малакасини юқори савияда сақлашни таъминлаш;

10) биржа савдолари иштирокчиларини тегишли маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш, уларга зарур бўлган маслаҳат ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;

11) биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун дастурий таъминотларни ва автоматлаштирилган мажмуаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

12) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолият турларини амалга ошириш.

8. Биржанинг фаолият муддати чекланмайди.

 

IV. ЮРИДИК МАҚОМИ

9. Биржа Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ акциядорлик жамияти шаклидаги юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав фондига (устав капиталига) берилган мол-мулкка эга.

10. Биржа Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

11. Биржа давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади ҳамда ўз фаолиятида қонун ҳужжатлари ва ушбу уставга амал қилади.

12. Биржа ўз номидан битимлар тузиши, мулкий ва номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

13. Биржа республикамизда ва бошқа давлатлар ҳудудида филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши, акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклидаги шўъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин.

14. Биржа ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.

15. Акциядорлар Биржанинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.

16. Акциялар ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар Биржанинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади. Биржа акциядорларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

17. Биржа ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга. Биржа ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

18. Биржада иш давлат тилида юритилади, шунингдек, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Ўзбек ва рус тиллари Биржанинг расмий тиллари ҳисобланади.

 

V. УСТАВ ФОНДИ (УСТАВ КАПИТАЛИ), УНИ КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ

19. Биржанинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган Биржа акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Биржа устав фонди (устав капитали) 1 069 600 000 (бир миллиард олтмиш тўққиз миллион олти юз минг) сўмни ташкил этади ва ҳар бирининг номинал қиймати 1000 (бир минг) сўмга тенг бўлган, эгасининг номи ёзилган 1 069 600 (бир миллион олтмиш тўққиз минг олти юз) та оддий акциядан иборат. Акциялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депозитарийларнинг ҳисобга олиш рўйхатларидаги ёзув шаклида муомалага чиқарилади ва жойлаштирилади.

20. Биржанинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

21. Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни кўпайтириш ва Биржа уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

22. Биржанинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини ёки уларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда Биржа томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.

23. Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни камайтириш ва Биржа уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

 

VI. БИРЖА АКЦИЯЛАРИ ВА АКЦИЯДОРЛАРИ

24. Биржа акциялари эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар турига кўра оддий акциялардир.

25. Биржа акциялари мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида қайси юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлса, ўша юридик ёхуд жисмоний шахс акциянинг эгаси – Биржа акциядори деб эътироф этилади.

26. Биржанинг оддий акцияси унга эгалик қилувчи ҳар бир акциядорга (акциянинг эгасига) шу турдаги акцияларнинг бошқа эгалари билан бир хил бўлган ҳажмдаги ҳуқуқларни беради.

27. Акциядорлар:

1) Биржа акциядорларининг реестрига киритилиш;

2) депозитарийдаги депо ҳисобварағидан ўзига тааллуқли кўчирма олиш;

3) Биржа фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш;

4) Биржа тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш;

5) акциядорларнинг умумий йиғилишларида овоз бериш орқали Биржани бошқаришда иштирок этиш;

6) Биржанинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотни белгиланган тартибда олиш;

7) олган дивидендини эркин тасарруф этиш;

8) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида, шунингдек судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

9) ўзига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;

10) ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмаларга ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига бирлашиш;

11) қимматли қоғозларни олишда зарар кўриш, шу жумладан бой берилган фойда эҳтимоли билан боғлиқ таваккалчиликларни суғурта қилиш;

12) ваколатли давлат органлари томонидан аниқ бир турдаги фаолият учун берилган тегишли лицензияси мавжуд бўлган ҳамда ушбу уставда ва Биржа фаолиятини тартибга солувчи ички меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган шартларни бажарган ҳолда биржа савдоларида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқларига эга.

28. Акциядорлар қонун ҳужжатларига ва Биржа уставига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

29. Акциядор томонидан ҳуқуқларнинг амалга оширилиши бошқа акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозим.

 

VII. БИРЖА ТОМОНИДАН АКЦИЯЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

30. Биржанинг акцияларига ҳақ тўлаш бозор қийматида пул воситасида амалга оширилади. Биржа ўз акцияларини ёпиқ обуна усулида жойлаштиради.

31. Акцияларга бўлган ҳуқуқлар акцияларни олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви киритилган пайтдан эътиборан ўтади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депозитарий томонидан бериладиган депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

32. Акция билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар уларни олувчига ушбу қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан эътиборан ўтади.

33. Биржа томонидан акцияларни жойлаштириш муддати уларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

34. Акциялар учун тўлиқ тўлов амалга оширилгандан сўнг улар акциядорга тақдим этилади.

35. Сотиб олинаётган акциялар учун тўлов тартиби ва муддати акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.

36. Биржа акциядорлари Биржанинг бошқа акциядорлари сотаётган акцияларни учинчи шахсга таклиф этилаётган нарх бўйича ва шартлар асосида, уларнинг ҳар бирига тегишли акцияларнинг сонига мутаносиб равишда олиш юзасидан имтиёзли ҳуқуққа эга.

37. Ўз акцияларини сотаётган Биржа акциядори акцияларини сотиш нияти тўғрисида бошқа акциядорларни акцияларнинг нархини ва учинчи шахсга таклиф этиш шартларини кўрсатган ҳолда Биржа орқали ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

38. Биржа бошқа акциядорларни акциядор ўз акцияларини сотиш нияти тўғрисида мазкур акциядор томонидан Биржа хабардор қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ёзма шаклда хабардор қилади.

39. Агар Биржанинг бошқа акциядорлари ўз имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмаса, Биржанинг акциядорлари сотаётган акцияларни олиш юзасидан Биржа имтиёзли ҳуқуққа эга.

40. Акцияларни олишга доир имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати акциялар сотувга қўйилган пайтдан эътиборан ўттиз кунни ташкил қилади.

41. Агарда, Биржа акциядорлари ва Биржа сотувга қўйилган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланмасалар, акциялар Биржа ва унинг акциядорларига маълум қилинган нарх бўйича ва шартлар асосида учинчи шахсга сотилиши мумкин.

42. Белгиланган муддатда ҳақи тўланмаган акциялар Биржа тасарруфида бўлади.

43. Биржа ўзи жойлаштирган акцияларни акциядорлар умумий йиғилишининг жойлаштирилган акцияларнинг бир қисмини олиш ва ушбу акцияларнинг умумий сонини камайтириш йўли билан Биржа устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисидаги қарорига кўра, шунингдек уларни кейинчалик белгиланган тартибда қайта сотиш мақсадида Биржа Кузатув кенгашининг қарорига кўра олишга ҳақли.

44. Биржа тасарруфига ўтган акциялар овоз бериш ҳуқуқини бермайди, овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ҳисоблаб чиқарилмайди. Кейинчалик қайта сотиш мақсадида Биржа тасарруфига ўтган акциялар улар Биржа тасарруфига ўтган пайтдан эътиборан бир йилдан кечиктирмай реализация қилиниши керак, акс ҳолда акциядорларнинг умумий йиғилиши Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим. Кўрсатилган муддатда реализация қилинмаган акциялар бекор қилиниши керак.

45. Биржа томонидан акцияларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Акциядор, шу жумладан акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёхуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Акцияларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати ушбу акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги Биржа акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

46. Акцияларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби Биржа уставига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

VIII. БИРЖА АКЦИЯДОРЛАРИ РЕЕСТРИ

47. Биржа акциядорлари акциядорларнинг реестрида қайд қилинадилар. Биржа акциядорларининг реестри рўйхатдан ўтказилган акциялар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга тегишли акцияларнинг номи, сони, номинал қиймати ва тури, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборотни юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхатидир.

48. Биржа акциядорларининг реестрини шакллантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, қимматли қоғозлар эгаларининг депозитарийлардаги депо ҳисобварақлари ҳолатига кўра марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

 

IX. БИРЖА АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

49. Банклар ва Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган бошқа юридик шахслар Биржа аъзолари бўлишлари мумкин.

50. Биржа аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш Биржа Кузатув кенгашининг (Кузатув кенгаши) қарори билан амалга оширилади. Биржа аъзоларига қўйиладиган талаблар, Биржа аъзолигига қабул қилиш тартиби, биржа операцияларини бажариш учун рухсат бериш тартиби, биржа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек аъзоликни бекор қилиш учун асослар ““Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамиятига аъзолик тўғрисида”ги Низомга мувофиқ белгиланади.

51. Биржа аъзолигига қабул қилиш ваколатли давлат органлари томонидан аниқ бир турдаги фаолият учун берилган тегишли лицензия мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилади.

52. Биржа аъзолари аъзолик бадалини Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида Кузатув кенгаши белгилаган миқдорда ва тартибда тўлайдилар.

53. Биржа аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) биржа операцияларини ўтказишда иштирок этиш;

2) ўзларининг Биржадаги фаолиятларини таъминлаш учун зарур бўлган маълумотни олиш;

3) биржа операцияларини ташкиллаштириш ва ўтказишга оид масалалар юзасидан Кузатув кенгаши муҳокамасига таклифлар киритиш;

4) биржа савдо қоидаларида белгиланган тартибда савдо, ҳисоб-китоб, депозитарий ва бошқа тизимлар хизматидан фойдаланиш.

54. Биржа аъзолари қонун ҳужжатлари ва Биржа уставига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

55. Биржа аъзоларининг мажбуриятлари:

1) ушбу устав ва Биржа фаолиятини тартибга солувчи бошқа ички меъёрий ҳужжатларга риоя этиш;

2) Биржада тузилган битимлар юзасидан мажбуриятларни ўз вақтида бажариш;

3) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ муҳофаза қилинадиган ахборотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик.

56. Биржа аъзолари қонун ҳужжатлари ва Биржа уставига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

57. Биржа аъзолари биржа операцияларини:

ўзларининг номидан ва ўзларининг ҳисобидан;

ўзларининг номидан ва мижозларининг ҳисобидан амалга оширишлари мумкин.

 

X. БИРЖА БОШҚАРУВИНИНГ ТУЗИЛМАСИ.

АКЦИЯДОРЛАРНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ

58. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, Кузатув кенгаши ва Ижроия органи (Бош директор) Биржанинг бошқарув органларидир. Акциядорларининг умумий йиғилиши Биржанинг юқори бошқарув органидир.

59. Акциядорларнинг умумий йиғилишини Кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, Кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

60. Биржа акциядорларининг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи акциядор томонидан шахсан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади. Вакиллар доимий ёки муайян муддатга тайинланган бўлишлари мумкин.

61. Акциядорларнинг вакиллари акциядорларнинг умумий йиғилишида белгиланган тартибда ёзма шаклда тузилган ишончнома асосида иш юритади. Акциядор акциядорларнинг умумий йиғилишидаги ўз вакилини исталган пайтда алмаштиришга ёки йиғилишда шахсан ўзи иштирок этишга ҳақлидир.

62. Акциядорлар умумий йиғилиши (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши) ҳар йили ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида Биржанинг Кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, Биржанинг яккабошчилик асосидаги Ижроия органи (Бош директор) билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги ҳақидаги масалалар ҳал этилади, шунингдек Биржанинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлар навбатдан ташқари йиғилишлардир.

63. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

64. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Биржанинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади.

65. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан уч иш куни олдин шакллантирилган Биржа акциядорларининг реестрида қайд этилган акциядорлар эга бўлади.

66. Акциядорнинг талабига кўра Биржа акциядорга у акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган Биржа акциядорларининг реестрига киритилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.

67. Биржа акциядорларининг реестрига ўзгартиш ва қўшимчалар мазкур реестр шакллантирилган санада унга киритилмай қолган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки реестрни шакллантиришда йўл қўйилган хатолар тузатилган тақдирдагина қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киритилиши мумкин.

68. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши Биржа Кузатув кенгашининг қарорига кўра унинг ўз ташаббуси асосида, тафтиш комиссиясининг ёзма талаби, шунингдек овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талаби асосида ўтказилади. Акциядорларга йиғилиш санаси, вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисидаги ёзма хабар у ўтказиладиган санадан эътиборан етти кундан кечиктирмай юборилади.

69. Акциядорлар йиғилиши унда эллик фоиздан кўпроқ овозга эга бўлган акциядорлар ёки уларнинг вакиллари иштирок этганда ҳақиқий ҳисобланади.

70. Акциядорлар йиғилишида овоз бериш "битта овоз берувчи акция - битта овоз" тариқасида ўтказилади.

71. Биржа акциядорлари умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

1) Биржа уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки Биржанинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

2) Биржани қайта ташкил этиш;

3) Биржани тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

4) Кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

5) Эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

6) Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни кўпайтириш;

7) Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни камайтириш;

8) ўз акцияларини олиш;

9) Биржанинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш) ва раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

10) Биржа тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

11) Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;

12) Биржанинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;

13) Биржанинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

14) Кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан Биржани бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан Биржа Кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва Тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

15) Акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

16) Биржанинг бошқарув органлари фаолияти тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлаш;

17) Акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

18) Акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

19) Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда Биржа томонидан йирик битим ва Биржанинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

20) Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

72. Уставда кўрсатилган акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар Биржанинг Кузатув Кенгаши ва Ижроия органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

73. Овозга қўйилган масалалар бўйича акциядорлар умумий йиғилишининг қарори, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Биржанинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган, йиғилишда иштирок этаётган акциядорларнинг кўпчилик (оддий кўпчилик) овози билан қабул қилинади.

74. Уставнинг 71-банди 1), 2), 3), 5), 14), 19) - кичик бандларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор Биржа акциядорлари умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади.

75. Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга, шунингдек кун тартибига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

76. Биржа акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари ушбу қарорлар қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида Биржа акциядорлари эътиборига етказилади.

77. Биржа акциядорлари умумий йиғилишининг баённомаси акциядорларнинг умумий йиғилиши ёпилганидан кейин ўн кун ичида икки нусхада тузилади.

78. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида:

1) акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилган сана, вақт ва жой;

2) Биржанинг овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядорлар эга бўлган овозларнинг умумий сони;

3) умумий йиғилишда иштирок этган акциядорлар эга бўлган овозларнинг сони;

4) умумий йиғилишнинг раиси ва котиби, йиғилиш кун тартиби;

5) маърузаларнинг асосий қоидалари, овозга қўйилган масалалар ҳамда улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари, йиғилиш қабул қилган қарорлар кўрсатилади.

79. Биржа акциядорлари умумий йиғилиши баённомасининг ҳар иккала нусхаси умумий йиғилишда раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.

80. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси имзолангандан сўнг котиб йиғилиш ҳужжатлари қаторида акциядорларни қайд этиш рўйхати, муҳрланган овоз бериш бюллетенлари, саноқ комиссияси аъзолари томонидан имзоланган овоз бериш якунлари бўйича баённома ва акциядорларнинг умумий йиғилиши баённомасини сақлаш учун Биржанинг архивига топширади.

 

XI. КУЗАТУВ КЕНГАШИ

81. Кузатув кенгаши Биржа фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва у “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти Кузатув кенгаши тўғрисида”ги Низомга мувофиқ фаолият кўрсатади, унинг таркибига акциядорларнинг вакиллари сайланадилар.

82. Биржа Кузатув кенгашининг аъзолари акциядорлар умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланадилар ва уларнинг қайта сайланиши чекланмайди.

83. Биржа Кузатув кенгаши аъзоларининг сон таркиби етти кишини ташкил этади.

84. Биржа Кузатув кенгаши раиси, Кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан, ушбу кенгаш таркибидан кузатув кенгаши аъзолари томонидан сайланади.

85. Биржанинг Кузатув кенгаши, ўз раисини кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қайта сайлашга ҳақли.

86. Биржа Кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.

87. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони Биржа Кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.

88. Биржа Кузатув кенгашининг мажлислари унинг раиси ташаббусига кўра, Биржа Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси аъзоси, Ижроия органининг талабига кўра чақирилади. Биржа Кузатув кенгаши аъзоларининг камида етмиш беш фоизи йиғилишда иштирок этиши қарор қабул қилиш учун етарли ҳисобланади. Биржа Кузатув кенгашининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади. Овозлар тенг бўлган ҳолда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

89. Биржа Кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Биржа Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади.

90. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

1) мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;

2) мажлисда ҳозир бўлган шахслар;

3) мажлиснинг кун тартиби;

4) овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;

5) қабул қилинган қарорлар.

91. Биржа Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган Кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлис баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгардир.

92. Биржа Кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) Биржа Кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.

93. Биржа Кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

1) Биржа фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

2) Биржа акциядорларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш;

3) Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;

4) Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;

5) Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун Биржа акциядорлари реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

6) Биржа уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Биржанинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш масалаларини Акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

7) Мол-мулкининг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

8) Биржанинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;

9) Ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;

10) Биржа Ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва Биржа Кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ҳужжатларни Ижроия органидан олиш. Олинган ҳужжатлардан Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари фақат хизмат мақсадларида фойдаланишлари мумкин;

11) Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш учун акциядорлар умумий йиғилишига таклиф киритиш;

12) Биржанинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

13) Биржанинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;

14) Дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

15) Биржанинг захира фондидан ва бошқа фондлардан фойдаланиш;

16) Баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада Биржа соф активлари миқдорининг ўн беш фоизидан эллик фоизигачасини ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда Биржанинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

17) Биржанинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;

18) Биржанинг устав фонди (устав капитали)ни кўпайтириш масалаларини, шунингдек Биржа уставига устав фонди (устав капитал)ни кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни акциядорлар умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

19) Биржанинг Ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорларини белгилаш;

20) Биржа аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

21) Биржа фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ва жорий амалий вазифаларни ҳал этиш учун доимий ва муваққат комиссиялар тузиш;

22) Биржа ундирадиган воситачилик мукофоти (йиғимлари) миқдорини ва тартибини белгилаш;

23) Биржа тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ва компенсация миқдори юзасидан тавсиялар бериш;

24) Биржа савдолари қоидаларини ва Биржа фаолиятини тартибга солувчи бошқа ички меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш;

25) Биржа томонидан жойлаштирилган ўз акцияларини белгиланган тартибда кейинчалик қайта сотиш мақсадида сотиб олиш ҳақида қарор қабул қилиш.

94. Биржа Кузатув кенгашининг ваколат доирасига ушбу устав ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.

95. Биржа Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар Биржа Ижроия органига ҳал қилиш учун берилиши мумкин эмас.

96. Биржа Кузатув кенгаши аъзолари Кузатув кенгашида муайян бажарган вазифалари учун ҳақ ва (ёки) тўловлар олиш ҳуқуқига эгадирлар.

97. Биржа Кузатув кенгаши аъзолари орасида вазифаларни тақсимлаш Кузатув кенгаши раиси томонидан ҳар бир Кузатув кенгаши аъзоси учун аниқ амалга оширилади.

98. Биржа Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси учун ҳақ ва (ёки) тўловларнинг миқдорлари акциядорлар умумий йиғилишида белгиланади.

 

XII. ИЖРОИЯ ОРГАНИ

99. Биржанинг кундалик фаолиятига раҳбарликни “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти Ижроия органи тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ҳаракат қилувчи яккабошчилик асосидаги Ижроия органи – Бош директор амалга оширади.

100. Биржа Бош директори:

1) Биржа Акциядорлари умумий йиғилишининг ва Кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади;

2) Биржа номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, Биржа номидан битимлар тузади;

3) Штатларни тасдиқлайди, Биржанинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

4) Ўз ваколатлари доирасида Биржанинг ички меъёрий ҳужжатларини тасдиқлайди;

5) Биржа аъзоларини биржа савдоларида иштирок этишига рухсат беради ва биржа савдоларида иштирок этаётган вакилларининг касбий лойиқлигини текширади;

6) Биржа аъзоларини биржа савдоларида иштирок этишдан вақтинча четлаштириш ва Кузатув кенгаши муҳокамасига Биржа аъзоларини аъзоликдан чиқариш масалаларини қўяди;

7) Хорижий валютага бўлган таклиф ва талаб орасидаги кескин номутаносиблик юзага келиши каби айрим ҳолатлар вужудга келганда, биржа савдоларини (операцияларини) вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади;

8) Қонун ҳужжатларига мувофиқ Биржа акциядорлари умумий йиғилиши ёки Кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилмаган, Биржанинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир бошқа масалаларни ҳал этади.

101. Кузатув кенгаши раиси томонидан Биржа номидан Бош директор билан меҳнат шартномаси имзоланади. Бош директор билан тузиладиган меҳнат шартномасида унинг Биржа фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мажбуриятлари ҳамда Биржанинг йиллик бизнес-режасини бажариш қандай бораётганлиги юзасидан акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Кузатув кенгаши олдида берадиган ҳисоботларининг даврийлиги назарда тутилади.

102. Акциядорларнинг умумий йиғилиши Бош директор билан тузилган меҳнат шартномасини, агар меҳнат шартномаси шартлари бузилган тақдирда, тугатишга (бекор қилишга) ҳақлидирлар.

 

XIII. БИРЖАНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

103. Биржанинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилишни тафтиш комиссияси амалга оширади. Тафтиш комиссияси акциядорлар умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланади. Тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида Кузатув кенгаши аъзоси ҳамда Биржада меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаши мумкин эмас. Биржа тафтиш комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган “Ўзбекистон республика валюта биржасининг тафтиш комиссияси тўғрисида”ги Низомда белгиланади.

104. Тафтиш комиссияси таркибига камида уч киши киради. Тафтиш комиссияси аъзоларининг сони тоқ бўлиши керак. Биржа тафтиш комиссияси аъзоларига доир малака талаблари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Айни бир шахс Биржанинг тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

105. Биржанинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, Биржа Кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра Кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

106. Тафтиш комиссиясининг ёзма талабига кўра Биржанинг мансабдор шахслари Биржанинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этади. Тафтиш комиссияси аъзолари Кузатув кенгаши йиғилишларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишлари мумкин.

107. Биржанинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра тафтиш комиссияси хулоса тузади, бу хулосада:

Биржанинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

108. Тафтиш комиссияси Биржада аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва Биржа ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда Кузатув кенгашининг мажлисига олиб чиқади. Ушбу хулоса ҳам акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

109. Биржанинг Ички аудит хизмати Биржанинг Ижроия органи ва таркибий бўлинмалари томонидан қонун ҳужжатларига, Биржа уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек Биржани бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали Биржанинг Ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди. Биржанинг Ички аудит хизмати Кузатув кенгашига ҳисобдордир.

110. Биржанинг Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Кузатув Кенгаши томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон республика валюта биржасининг Ички аудит хизмати тўғрисидаги” Низом ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширади.

111. Биржа акциядорлари умумий йиғилиши томонидан белгиланган аудиторлик ташкилоти Биржа билан тузилган шартномага мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Биржанинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширади ва унга аудиторлик хулосасини тақдим этади.

 

XIV. БИРЖАНИНГ МОЛ-МУЛКИ, ФОНДЛАРИ, ФОЙДАСИНИ ТАҚСИМЛАШ ВА ЗАРАРИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ

112. Биржанинг мол-мулки тўланган устав фонди (устав капитали), Биржа олган даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган, бошқа асосларга кўра Биржа сотиб олган ўзга мол-мулкдан иборатдир.

113. Биржанинг даромади қуйидагилар ҳисобига ҳосил бўлади:

1) биржа савдоларини ташкиллаштиришдан ундириладиган воситачилик мукофоти (йиғимлари);

2) аъзолик бадаллари;

3) Биржа кўрсатадиган маслаҳат, ахборот ва бошқа турдаги хизматлар учун тўланадиган ҳак;

4) Биржа томонидан ундириладиган жарималар;

5) бошқа тушумлар.

114. Биржа даромадидан барча фаолият турларини амалга ошириш, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш учун қилинадиган харажатлар қопланади. Қолган даромаддан солиқ тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилади. Даромаднинг қолган миқдори Биржанинг соф фойдаси ҳисобланади.

115. Биржанинг соф фойдаси йил натижалари бўйича акциядорлар умумий йиғилиши қарорига биноан тақсимланади.

116. Акциядорлар йиғилишининг қарорига кўра соф фойданинг бир қисми улар ўртасида дивиденд сифатида тақсимланиши мумкин. Биржа молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

117. Биржанинг молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги ва тўққиз ойи натижаларига кўра дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарори тегишли давр тугагандан кейин уч ой ичида қабул қилиниши мумкин.

118. Дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор Биржа Кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендлар акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.

119. Дивидендларни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган Биржа акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар дивиденд олиш ҳуқуқига эга.

120. Дивидендлар миқдори Кузатув кенгаши тавсия этган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас.

121. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугайдиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.

122. Агар дивидендлар тўлаш оқибатида акциядорлик Биржанинг молия-хўжалик аҳволи жиддий тарзда ёмонлашадиган бўлса, дивидендлар тўлаш таъқиқланади.

123. Биржада унинг устав фондининг (устав капиталининг) ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда захира фонди ташкил этилади. Биржанинг захира фонди Биржа уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойдадан ҳар йилги мажбурий ажратмалар орқали шакллантирилади. Ҳар йилги ажратмаларнинг миқдори захира фонди Биржа уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

124. Бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, Биржанинг захира фонди Биржанинг зарарлари ўрнини қоплаш ва Биржанинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланади. Биржанинг захира фондидан бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин эмас.

 

XV. ЙИЛЛИК ҲИСОБОТЛАРНИ ТУЗИШ, ТЕКШИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ

125. Биржа учун молия йили қилиб 1 январдан 31 декабргача бўлган муддат белгиланади.

126. Биржа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоб-китобини юритиши ва молия ҳисоботини тақдим этиши шарт.

127. Биржада бухгалтерия ҳисобининг ташкил этилиши, ҳолати ва ишончлилиги, тегишли органларга ҳар йилги ҳисобот ва бошқа молиявий ҳисоботлар, шунингдек Биржанинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида акциядорларга, кредиторларга тақдим этиладиган Биржа фаолиятига доир маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ Ижроия органи зиммасида бўлади.

128. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Биржанинг молиявий ҳисоботида кўрсатилган ва акциядорларнинг умумий йиғилишига тақдим этиладиган молиявий (йиллик) ҳисоботдаги, бухгалтерия балансидаги, фойда ва зарарлар ҳисобварағидаги маълумотларнинг ишончлилиги мулкий манфаатлари Биржа ва унинг акциядорлари билан боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

129. Биржанинг йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан ўттиз кундан кечиктирмай Кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим.

 

XVI. БИРЖАНИНГ ХОДИМЛАРИ, МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ

130. Биржанинг ходимлари штат жадвалига мувофиқ Бош директор томонидан ишга қабул қилинади.

131. Ходимларнинг Биржа билан меҳнат муносабатлари улар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари асосида тартибга солинади. Меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор килиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

132. Биржанинг ходимларига штат жадвали асосида ҳақ тўлаш тартиби белгиланади.

133. Биржанинг барча ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояланадилар.

 

XVII. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

134. Юридик ва жисмоний шахслар билан вужудга келган низолар ўзаро келишиш йўли билан ҳал қилинади. Агар тарафлар келиша олмаган ҳолда, низолар суд тартибида ҳал этилади.

135. Биржа савдолари иштирокчилари, Биржа ва савдо иштирокчилари ўртасида вужудга келадиган баҳс ва низолар махсус комиссияда кўриб чиқилади.

 

XVIII. БИРЖАНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

136. Биржани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

ХIX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

137. Мазкур устав қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб кучга киради.

 

БОШ ДИРЕКТОР Н. БЕКМИРЗАЕВ