Давлат қимматли қоғозлари бозори

Ўзбекистон республика валюта биржасида (ЎзРВБ) электрон савдо-депозитар платформаси жорий этилган бўлиб, мазкур платформа орқали давлат қимматли қоғозларининг дастлабки жойлаштирилиши ва муомаласини ташкил этиш ва амалга ошириш, тузилган битимлар бўйича операциялар клирингини ва ҳисоб-китобини ўтказиш, шунингдек, давлат қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни сақлаш ва ҳисобга олиш амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) таркибига қуйидагилар киради:

  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ҳужжатсиз шаклда чиқарилган ва тижорат банклари, шунингдек бошқа юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ўртасида жойлаштириладиган купонли ва дисконтли ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари;
  • хужжатсиз шаклда чиқарилган ва тижорат банклари ўртасида жойлаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигациялари.

ДҚҚни жойлаштириш оддий аукцион шаклида ўтказилади.

ДҚҚ муомаласи аукцион савдоларида узлуксиз икки томонлама аукцион услубида амалга оширилади.

Давлат қимматли қоғозлари савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш "ЎзРВБда давлат қимматли қоғозлари билан савдолар ўтказиш қоидалари" ва "ЎзРВБда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари билан савдолар ўтказиш қоидалари" билан тартибга солинади.

ДҚҚ муомаласи бўйича барча операциялар Марказий банк ва ЎзРВБ билан тузилган битимлар асосида операцияларни ўтказишга ваколатли дилерлар орқали амалга оширилади.

Давлат қимматли қоғозлари бозори иштирокчилари учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида ЎзРВБда "ЎзРВБда Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО операцияларини тузиш ва амалга ошириш қоидалари"га мувофиқ амалга ошириладиган тўғридан-тўғри ва дилерлар ўртасида РЕПО битимларни тузиш механизмлари жорий этилган.