Акциядорларнинг умумий йиғилиши

Акциядорларнинг умумий йиғилиши Биржанинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши) ҳар йили ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан сўнг кейинги олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳар йили 10-30 июн кунлари ўтказилади. Зарур ҳолатларда, Кузатув кенгаши юқорида кўрсатилган саналардан олдин акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда акциядорларни олдиндан хабардор қилган ҳолда ўтказиш ҳуқуқига эга.

Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида Биржа Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясини сайлаш бўйича масалалари юзасидан қарорлар қабул қилинади, шунингдек Биржанинг йиллик ҳисоботи, Биржанинг ривожланиш стратегияси мақсадларига эришиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисида Ижроия органи ва Биржа Кузатув кенгашининг ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилади.

Акциядорларнинг йиллик йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари ҳисобланади.

Биржа акциядорлари умумий йиғилишининг ваколатлари, хусусан, қуйидагилардан иборат: Биржани қайта ташкил этиш ва Биржани тугатиш; Кузатув кенгашининг миқдорий таркибини белгилаш, унинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш; Биржанинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш; Биржанинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш; шунингдек Биржанинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш Стратегиясига ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш ва киритиш.