ЎзРВБнинг 2019-2023 йиллар учун ривожланиш стратегияси

Корпоратив миссия биржа савдоси имкониятларини кенгайтириш ва унинг асосида қулай инвестиция муҳитини ривожлантириш учун ишончли, шаффоф ва инновацион биржа бозорини шакллантириш орқали мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва таркибий ўзгаришини таъминлашдан иборат.

Биржанинг стратегик мақсади биржа савдоларини янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, биржа бозори ҳажми ва ликвидлилигини оширишни таъминлаш, шунингдек регуляторга юқори технологик инфратузилмани жорий этиш ва биржа маҳсулотларини диверсификация қилиш орқали пул-кредит ва валюта сиёсати мақсадларига эришишда кўмаклашишдир.

Биржанинг 2019 - 2023 йилларга мўлжалланган корпоратив миссияси ва стратегик мақсадлари, бизнесни янада ривожлантириш учун потенциал имкониятларни, ташқи ва ички таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек замонавий корпоратив бошқарув услублари, илғор биржа механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш орқали биржа фаолиятини янада ривожлантириш зарурлигини англаш асосида белгиланди.

Биржа савдосини ривожлантириш йўналиши доирасида биржа бозорларини янада диверсификация қилиш, шу жумладан биржа инструментларини кенгайтириш, валюта бозорида ҳар хил турдаги валюталар билан савдоларни ташкил этиш, қимматли қоғозлар секторида ҳар хил турдаги қимматли қоғозлар билан савдоларни ўтказиш, хосилавий молиявий инструментларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, биржа савдоларининг асосий иштирокчиси сифатида барча биржа бозорларида маркет-мейкерлар институтини жорий этиш ва ривожлантириш кўзда тутилган.

Стратегияда биржа савдоларини ўтказишнинг илғор усулларини биржа амалиётига жорий этишга, биржа кўрсаткичларини аниқлаш алгоритмлари ва механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган.

Яқин келажакда Thomson Reuters ва Bloomberg каби таниқли дунё брендларининг электрон савдо майдончаларига асосланган муқобил ва захира савдо платформаси сифатида биржадан ташқари (OTC – over-the-counter) бозорни ишга тушириш масалалари ҳам кўриб чиқилиши кўзда тутилган.

Стратегия доирасида биржанинг ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик вазифалари қаторига пост-трейдинг хизматларини ривожлантириш, биржа ва биржадан ташқари бозорларда марказий контрагент мақомига эга юридик шахс бўлган ҳисоб-китоб клиринг палатасини яратиш, шунингдек, таъминотнинг ягона жамғармасини шакллантириш ва биржанинг барча сегментларида иштирокчиларга хизмат кўрсатишда уларнинг ягона умумий позицияларини юритиш киритилган.

Биржа инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ташаббусларни амалга оширишда Биржа бизнес жараёнлари ва биржа савдоларни янада автоматлаштириш ҳамда масофавий савдоларни ривожлантириш бўйича ишларни амалга ошириб боради.

Стратегиянинг белгиланган асосий устувор йўналишлари бўйича ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш биржа бозорининг ривожланишига, кенг доирадаги молия бозори иштирокчилари учун биржа хизматлари қамровини оширишга, илғор тажрибаларни жорий этишга ҳамда Биржа учун бизнес моделининг юқори самарадорлигини сақлашга имкон яратади.