"Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 22 ноябрдаги 297-сонли “Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотишни ташкил этиш ҳамда эркин алмаштириладиган валюта билан савдо қилишни кенгайтириш чоралари ҳақида" ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 февралдаги 66-ф-сонли фармойишига мувофиқ, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, ички ва ташқи валюта бозори конъюнктураси ўзгаришига тезкор жавоб қайтариш мақсадида 1992 йил 12 майда ташкил этилган.
Биржа чет эл валютани, давлат қимматли қоғозларини, хосилавий молиявий инструментларни (деривативларни) сотиб олиш ва сотиш ва улар билан боғлиқ бошқа биржа операциялари бўйича биржа савдолари, шунингдек банклараро пул бозори ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан кредит ва депозит аукционлари ташкилотчиси - республикадаги ягона кўп функцияли биржа майдончаси ҳисобланади.
Биржа валюта бозори ва давлат қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари учун қўшимча савдо имкониятларини таъминлаш мақсадида валютавий своп ҳамда давлат қимматли қоғозлари билан тўғридан-тўғри ва дилерлар ўртасида РЕПО операциялари каби инструментлар иштирокида биржа савдолар механизмларини жорий этди.
Турли хил бозорларни битта савдо майдончасига бирлаштирилиши Биржанинг ноёб рақобатдош устунлиги бўлиб, биржа бозори иштирокчиларига ўз инвестицияларини самарали бошқариш имкониятини беради.
Бундан ташқари, биржанинг алоҳида таркибий бўлинмаси томонидан пост-трейдинг хизматлар кўрсатилиши мазкур хизматларнинг тезлигини ва ишончлилигини таъминлайди.
Айни пайтда Биржа қуйидаги йўналишларда пост-трейдинг хизматларини амалга оширади: клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, давлат қимматли қоғозларини сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобини юритиш.
Биржанинг клиринг тизими Биржа савдо тизимида тузилган битимлар тўғрисидаги маълумотларни йиғишга, қайта ишлашга, ҳисобини юритишга, шунингдек молиявий инструментлар ва савдо иштирокчилари бўйича молиявий инструментлар позициялари клирингини амалга оширишга имкон беради.
Биржа савдолари асосий фаолиятни хавфсизликнинг ишончли даражасида амалга оширишга имкон берадиган ноёб савдо дастурий таъминот тизимлари асосида ўтказилади. Биржа фойдаланилаётган тизимларни доимий равишда модернизация қилиш ҳамда молиявий инструментлар савдосини ташкиллаштиришнинг жаҳон стандартларига мувофиқ замонавий ахборот маҳсулотларини жорий этиш бўйича иш олиб боради.