Иқтисодий форум якунлари: янги ҳамкорлар ва биржа бозорининг янада ривожланиши истиқболлари

2022 йил 3-4 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Тадбир “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзусига бағишланган.

“Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ (ЎзРВБ) мамлакатимиз иқтисодиёти ва молиявий ривожланиши учун муҳим бўлган тадбирга хомий-ҳамкор бўлиб, ушбу тадбирда ЎзРВБ Бош директори Рашид Усманов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

ЎзРВБ делегацияси Форум доирасида бир қатор давра суҳбатлари, пленар йиғилишлар ва бошқа тадбирларда иштирок этди.

Иқтисодий форум нафақат Дастурда белгиланган расмий тадбирлар, балки барча қатнашчилар учун йирик нетворкинг майдончасига айланганлиги билан ҳам ўта муҳим.

Форум доирасида ЎзРВБ делегацияси вакиллари томонидан халқаро молия институтлари, маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан биржа фаолияти ва капитал бозорини ривожлантириш борасида ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий инвесторларни Ўзбекистон биржа бозорларига жалб қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар давомида ЎзРВБда жорий этилган янги биржа инструментлари, хусусан, янги валюта жуфтликлари, давлат қимматли қоғозларининг янги турлари, валютавий фьючерс контрактлари, ишлаб чиқилган янги дастурий маҳсулотлар ва IT-ечимлар, марказий контрагент ҳамда провайдер банклар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

ЎзРВБнинг корпоратив бошқарувга алоҳида эътибори боис, Мустақил директорлар ассоциацияси Кузатув Кенгашининг асосчиси ва раиси, корпоратив бошқарув соҳасидаги эксперт Александр Иконников билан ўтказилган қизғин суҳбат давомида илғор хорижий ёндашув асосида компанияларни бошқариш, корпоратив бошқарув аҳамиятини ўрганиш ҳамда директорлар кенгашининг ишлаш жиҳатлари масалалари муҳокама қилинди.

Форум якунларига кўра, ташкил этилган учрашув ва музокаралар натижасида хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар ЎзРВБ фаолияти билан таништирилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ЎзРВБ платформасида хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг иштирок этиш имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлишди.