Лондон фонд биржасининг Европа ва бирламчи бозорлар департаменти раҳбари билан учрашув

2021 йил 27 май куни видеоконференция форматида Ўзбекистон республика валюта биржаси (УзРВБ) раҳбарияти ва Лондон фонд биржаси Европа ва бирламчи бозорлар департаменти раҳбари Аюна Нечаева хоним билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ЎзРВБ Бош директори Р. Усмонов ЎзРВБ фаолияти ривожланишининг ҳозирги ҳолати бўйича қисқача шарҳ бериб, "маркет-мейкерлар" институтини ҳамда ЎзРВБ қошида Марказий контрагентни яратиш, фьючерс бозорини, шу жумладан етакчи биржа марказларида шаклланадиган индикаторлар бўйича фьючерсларни шакллантириш каби ЎзРВБ ривожланиш стратегиясининг истиқболли режалари билан ўртоқлашди.

Ўз навбатида, Аюна Нечаева хоним ЎзРВБ томонидан сўнгги йилларда эришилган сезиларли ютуқларни, ҳусусан, биржа фаолияти янада жадаллашганлигини ҳамда савдо ҳажмлари юқори даражада ошганлигини мамнунлик билан қарши олди.

Шу билан бирга, учрашув давомида томонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, "икки томонлама" листингни ташкил қилиш, хорижий инвесторларни жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар ЎзРВБни янада технологик ривожлантириш ва жаҳон биржа амалиётининг замонавий талабларига жавоб берадиган биржа воситаларини жорий этиш соҳаларида “йўл харитасини” ишлаб чиқиш ва ўзаро ноу-хау алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашдилар.

Лондон фонд биржаси вакили тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда, ЛФБда ўқув курслари ва стажировкаларни ташкил этиш орқали ЎзРВБ ходимларининг малакасини ошириш масаласида амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида, томонлар келгуси учрашувларда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олдилар.