“Mosaic Financial Ltd.” инвестиция компанияси (АҚШ) делегацияси билан учрашув

2021 йил 8 июн куни Ўзбекистон республика валюта биржаси (УзРВБ) раҳбариятининг “Mosaic Financial Ltd.” инвестиция компанияси директори жаноб Роберт Женсен бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда “Mosaic Financial Ltd.” компаниясининг МДҲ ва Марказий Осиёда бизнесни ривожлантириш бўлими директори - Сергей Замащиков ҳамда “Portfolio Investments” МЧЖ директори - Мунир Ёқубов ҳам иштирок этди.

Учрашув жаноб Женсеннинг “Mosaic Financial Ltd.” компанияси фаолияти тўғрисидаги қисқача тақдимоти билан бошланди.

Мазкур компания 1983 йилда ташкил топган бўлиб, штаб-квартираси Юта (АҚШ)да жойлашган ва халқаро молия бозорларида воситачилик хизматларини кўрсатиш, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш, шунингдек, молиявий технологияларни жорий этишга ихтисослашган.

Учрашув давомида, компания вакиллари барча турдаги биржа операцияларини, шу жумладан чет эл валютаси, қимматли қоғозлар, ҳосилавий молия инструментлари, шунингдек, криптовалюта билан операцияларни амалга оширишга имкон берувчи, блокчейн технологияларга асосланган ИТ-платформанинг қисқа тақдимотини ўтказди.

Шунингдек, жаноб Женсен 2021 йил март ойида “Mosaic Financial” МЧЖ чет эл корхонаси Ўзбекистон Республикасида инвестиция воситачилик ва инвестиция активларини ишончли бошқариш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олганини маълум қилди.

Учрашувда ЎзРВБ Бош директори Р. Усмонов ЎзРВБ фаолиятининг бугунги кундаги ривожланиш ҳолати, стратегик ривожланишнинг узоқ муддатли режалари, ҳусусан, фьючерс бозорини шакллантириш ва ЎзРВБда марказий контрагентни яратиш ҳамда ЎзРВБда IТ-ечимлар ва дастурий маҳсулотларини янада ривожлантириш каби масалалар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди.

Томонлар, технологик платформаларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда “Mosaic Financial Ltd.” компаниясининг ЎзРВБ бозорларидаги иштироки каби ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

ЎзРВБ раҳбари “Mosaic Financial Ltd.” инвестиция компаниясининг ЎзРВБ бозорларида, хусусан, давлат қимматли қоғозлари бозорида фаолиятини бошлаши учун кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув сўнггида, томонлар келгуси учрашувларда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олдилар.